“Бозорларда, савдо дўконларида сифатсиз, стандарт талабларига жавоб бермайдиган, истеъмолга яроқсиз бўлган ёки истеъмолга яроқлилик муддатлари ўтиб кетган маҳсулотларни сотилаётганлиги бор ҳолат ва бундан кўз юмиб бўлмайди, албатта. Мўмай даромад орттириш илинжида бўлган аксарият “тадбиркор”лар ўзларининг бу каби ҳаракатлари билан аҳолининг ҳаётини, келажак авлод соғлигини хавфга қўймоқда. Тегишли масъуллар томонидан назорат кўчайтирилиши керак, айниқса жамоатчилик бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги лозим”,—дейди фуқаро Сардор Амонов.
Озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилиши лозим бўлган бир қанча мажбурий талаблар мавжуд. Савдо дўконларига келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи хужжатларига эга бўлиши шарт. Маҳсулотларни сақлаш шароитларига, истеъмол муддатларига қатъий эътибор бериш лозим.Истеъмол муддатлари ўтган, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, уй шароитида тайёрланган маҳсулотларини сотиш қатьиян таъқиқланади.
Дўконда сақлаш жараёнида истеъмол қилиш муддатлари тугаган маҳсулотлар савдодан олиниши ва ўрнатилган тартибда йўқ қилиниши шарт.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбариятининг топшириғига асосан, Федерациянинг Навоий вилояти Ишчи гуруҳи бугун Навоий шаҳридаги савдо дўконларида, умумий овқатланиш шаҳобчаларида ўрганишларни давом эттирмоқда.
Ўрганишлар давомида ушбу мавзуда аҳолининг ҳам фикрлари, таклифлари ўрганилмоқда. Бу ҳақда (ўрганишлар натижалари ва таҳлиллар тўғрисида) қўшимча маълумот берилади.