Дори воситаларига қўшиладиган қўшимча устамалар
Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20% ортиқ бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамалари қўллаган ҳолда сотилади.
Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ижтимоий дорихоналар томонидан етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, харид қилиш нархи ёки улгуржи нархнинг 10% ортиқ бўлмаган чекланган савдо устамаси кўллаган ҳолда чакана сотилади
Истеъмолчиларга бериладиган маълумотлар
Дорихоналар фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия рақами, амал қилиш муддати, лицензия берган орган тўғрисидаги маълумотларни ёки лицензия нусхасини истеъмолчилар танишиши учун қулай бўлган жойга жойлаштиради.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлашни лицензияга эга бўлган дорихона амалга оширади.
Дори воситалари дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўлланилишига рухсат этган дори моддаларидан (субстанциялардан) тайёрланади.
Дори воситаларини қўллаш юзасидан харидорга маълумот берилиши
Дори воситаларини чакана реализация қилиш шакли ва қоидалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рецептлар ёки рецептсиз сотиладиган дори воситалари рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.
Дори воситаси ва тиббий буюмни сотишда сотувчи ходим дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби, хусусан, қўллаш даврийлиги, бир маротабалик ва суткалик дозалари, қўллаш усули, сақлаш тартиби, яроқлилик муддати ва бошқалар ҳақида маълумот бериши лозим.
Дорихона ходими сотиб олувчи эътиборини дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш йўриқномаси билан диққат билан танишиб чиқишга қаратиши керак.
Дори воситасини доналаб сотиш
Дорихона ходими дори воситасини сотиб олувчига зарур маълумотлар бериши керак. Сотиб олувчи талабига кўра дори воситаси ва тиббий буюм нархи ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши лозим.
Дори воситасини доналаб сотишга рухсат этилади. Бунда жойлаш-ўраш матьериалида дори воситаси номи, серияси, яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарувчиси кўрсатилиши керак.
Дори воситасини бирламчи ўрами бузилган ҳолда бериш тақиқланади.
Дори воситасини бериш нормаси шифокор рецептига мувофиқ белгиланади.
Имтиёзли асосда дори воситаларини олиш
Шифокор берган рецептда дори воситасининг бир маротаба қўлланадиган энг юқори дозасидан кўпроқ доза тайинланганда, дорихона ходими энг юқори дозасининг ярмига тенг дозани бериши шарт.
Амбулаторияда даволанишда имтиёзга эга шахслар айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш дори воситаларини амбулатория-поликлиника муассасалари орқали ёхуд дорихоналар орқали амалга оширилади.
Шахсларнинг айрим тоифаларига имтиёзли дори воситалари барча дорихоналарда берилади. Нурота туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Б.Шарипов